Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тўшакларига ётсалар,
«Бисмикаллоҳумма аҳйаа ва амууту», деб айтганлар.
(Маъноси: Эй Раббим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан.) Уйғонганларида:
«Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйаана баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушур», деб айтар эдилар.
(Маъноси: Бизни ўлдиргандан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва биз Унгагина қайтамиз.)
Имом Бухорий ва бошқалар ривояти.
Изоҳ: Ҳадис билимдонлари айтишларича, ухлашдан олдин зикр қилиш, уйғонгандан кейин ҳамд ва дуога машғул бўлиш шуни англатадики, инсон ухлаш олдидан Аллоҳни эслаб, ўлимга тайёр туриши лозим экан. Чунки уйқу, иши ва амалининг хотимасидир. Қайта уйғонгач Аллоҳга ҳамд айтиб, берган неъматларига шукр айтиши ва уйқудан кейинги уйғонишни худди ўлгандан кейинги қайта тирилишга қиёслаб эслаши лозим экан. Халойиқнинг барчаси Аллоҳ ҳузурига қайтишини билмоғи даркор. Демак ориф кишининг наздида Аллоҳдан бошқа бирор борлиқ бўлмайди.