Тасвирдаги ҳикматлар-5497

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Кечириб, афв қилиш ҳақида салаф олимларининг сўзлари:

Фузайл ибн Иёз: "Агар бир киши сенинг олдингда бошқа бир кишидан шикоят қилиб келса, унга: "Эй биродар! Уни кечириб қўяқол, чунки кечириш тақвога яқинроқ нарса", деб айтгин. Агар у: "Қалбим афв қилишни истамаяпти. Аммо Аллоҳ таоло менга буюрганидек унга ғолиб келаман", деса, сен унга: "Агар ғолиб келишни чиройли уддасидан чиқсанг майли ғолиб кел. Лекин чиройли уддасидан чиқа олмасанг афв эшигига қайт. Чунки у кенг эшикдир. Ким афв қилиб, ислоҳ этса, унинг ажр‑савоби Аллоҳгадир. Афв қилган киши кечқурун тўшагида хотиржам ухлайди. Ғолиб бўламан деган кимса эса, тўшагида безовта бўлиб, уёқ‑буққа ағдарилиб ухлайди. Ҳақиқий мардлик дўстларни хатоларини кечириб юборишдадир", деб айт.

"Улар ўзларига зулм этган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир. (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас. Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир. Фақат одамларга зулм қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар (ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир. Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир" (Шўро сураси, 39‑43‑оятлар)